36-боб

1 Юсуф ўғилларининг авлодларидан Манашеҳ ўғли, Махер ўғли бўлмиш Гилъад ўғилларининг авлодларидан оилабошилар келиб, Мусонинг олдида ва Исроил ўғилларининг қабилабошилару ҳокимларининг олдида сўзлаб, 2 дедилар: “Раббий бизнинг хўжайинимизга Исроил ўғилларига ерни қуръага кўра мерос қилиб беришни буюрган эди ва бизнинг хўжайинимизга Раббий томонидан бизнинг биродаримиз Зелофеҳаднинг улушини унинг қизларига бериш буюрилган эди. 3 Агар улар Исроил ўғилларининг бошқа бир қабиласидан бўлган ўғилларга турмушга чиқсалар, унда уларнинг улуши бизнинг оталаримизнинг улушидан олиб қўйилади ва улар ўтадиган қабиланинг улушига қўшилади ҳамда қуръа бўйича бизга тушган улушдан ажратиб олинади. 4 Ҳаттоки, Исроил ўғилларининг юбилейи бўлганида, уларнинг улуши улар ўтадиган қабиланинг улушига қўшилади ва бизнинг оталаримиз қабиласининг улушидан уларнинг улуши ажратиб олинади”. 5 Мусо Раббийнинг сўзига кўра Исроил ўғилларига буюриб, деди: “Юсуф ўғилларининг қабиласи тўғри айтяпти. 6 Мана, Раббий Зелофедаҳнинг қизлари ҳақида нимани буюради: Улар ўзлари хоҳлаганга турмушга чиқишлари мумкин, фақатгина ўз оталари қабиласининг авлодига турмушга чиқишлари керак. 7 Шунда Исроил ўғилларининг улуши қабиладан қабилага ўтмайди. Чунки Исроил ўғилларининг ҳар бири ўз оталари қабиласининг улушига боғлиқ бўлиши керак. 8 Исроил ўғилларининг қабилаларида улушга эга бўлган ҳар қандай қиз ўз отасининг қабиласининг авлодидан бўлган кишига турмушга чиқиши керак, токи Исроил ўғилларининг ҳар бири ўз оталарининг улушини мерос қилиб олсинлар 9 ва улуш бир қабиладан бошқа қабилага ўтмасин, чунки Исроил ўғилларининг қабилаларидан ҳар бир киши ўз улушига боғлиқ бўлиши керак”. 10 Раббий Мусога қандай буюрган бўлса, Зелофеҳаднинг қизлари худди шундай қилдилар. 11 Зелофеҳаднинг қизлари Махлаҳ, Тирзаҳ, Хоглаҳ, Милкаҳ ва Ноаҳ ўз амакиларининг ўғилларига турмушга чиқдилар. 12 Улар Юсуфнинг ўғли Манашеҳ ўғилларининг авлодларига турмушга чиқдилар ва уларнинг улуши оталари авлодининг қабиласида қолди. 13 Мана шулар – Раббий Мусо орқали Йерихо яқинидаги Йордан бўйида бўлган Мўаб текисликларида Исроил ўғилларига берган амрлар ва қарорлардир.